Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилоятида ўз фаолиятини бошлади
Бугунги кунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли хавфсиз ҳудудга айлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш муҳим масала ҳисобланади.
Президент Администрациясининг топшириғига асосан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилоятининг 13 та шаҳар-туманларидаги 544 та маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолининг осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришлари йўлида амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини секторлар кесимида ўрганиш, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш ҳамда ҳудудлардаги криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида ўрганиш ишларини бошлади.
Ушбу жараёнларда асосий эътибор Президент томонидан 2021 йил 29 ноябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ҳамда 11 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга қаратилмоқда.
Дастлаб, Ғиждувон тумани “Файзулла Хўжаев” маҳалласига бириктирилган профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда маҳалла раисининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти ўрганилди.
Суҳбатлар жараёнида ходимларнинг маънавий-маърифий билим-салоҳияти ва касбий малакасини ошириш бўйича изланувчанлигига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада профилактика инспектори Сардор Эргашевга доимий равишда ўз устида ишлаш, билим-салоҳиятини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, туман сектор раҳбарларининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ташаббускорлиги таҳлил қилинди.
Ишчи гуруҳ масъуллари тўртинчи сектор ҳудудида жойлашган кичик саноат зонасида ташкил этилган “Алп Камол Файз” МЧЖ фаолияти билан танишилди. Мазкур корхона трикотаж маҳсулотлари ва эшик-ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 30 дан ортиқ маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаган.
Ҳаммамизга маълумки ютимизда таълим соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ёш авлоднинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллашлари ҳамда руҳий баркамол инсон бўлиб улғайишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.
Туманнинг Гулистон маҳалласидаги 45-сон мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Мактабда ташкил этилган IT мутахассисларни тайёрлашга мўлжалланган синф ўқувчилари билан суҳбатлашилди.
Шу ернинг ўзида, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда психолог инспектор лейтенант Г.Махмудованинг ўқувчилар билан ишни ташкил этиш борасидаги фаолияти ўрганилди.
Шундан сўнг, Ғиждувон туман Ички ишлар бошқармасида ходимлар ва фуқаролар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
Туманда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ҳамда кескин ошган жиноятларни камайтириш бўйича сектор раҳбарлари ва ИИБ бошлиғининг ўринбосарларига топшириқлар берилди.
Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими фаолияти билан танишиш, сектор раҳбарлари ҳамда ИИБ бошлиғининг ўринбосарларининг жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлашдаги фаолиятини ўрганиш жараёнида, Тумандаги тезкор вазият ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганлиги учун ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосарининг хизмат фаолиятини ўрганиб чиқиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди.
Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган бўлиб, “Ш.Хамроев” маҳалласида ташкил этилган “Бухоро Азтекс” масъулияти чекланган жамиятига қарашли замонавий тикувчилик фабрикаси шулар жумласидандир. Масъуллар корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ушбу корхона 1 200 нафар фуқаронинг бандлигини таъминланган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 80 фоизи хорижий давлатларга экспорт қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-190-сон “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Хусусан, вилоят ЙҲХБ эксплуатация-монтаж бўлинмалари фаолияти билан танишилди. Соҳа фаолиятига алоқадор техникалардан тортиб ходимларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
Ички ишлар вазири томонидан узоқ йиллар давомида бўлинмада самарали хизмат қилиб келган ходимларни рағбатлантириш бўйича топшириқ берилди.
Шу ернинг ўзида, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг фаолиятига доир тақдимоти тингланди.
Бухоро туманидаги ўрганишлар давомида эса “Работиқалмоқ” маҳалласида янги қурилаётган мажмуанинг қурилиш жараёнлари билан танишилди.