Ромитан туманида талончилик қилган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Жорий йилнинг 10 август куни тахминан соат 04:00 ларда, номаълум шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, Ромитан тумани Газли шаҳарчаси “Газли” МФЙ чўл массиви ҳудудидаги “Inter Engineering” компанияси томонидан газ қувурларини монтаж қилиш ишларини бажараётган бўлинма махсус техникалари йиғиб қўйилган манзилга бориб, у ердаги “ХCMC” русумли экскаватор ва “DAIFENG” русумли “трубоукладчик” махсус техникаларнинг дизель ёқилғисини яширин равишда талон-торож қилаётган вақтларида, ушбу объектнинг ишчиси томонидан сезиб қолинган.
Ишчи жиноий гуруҳ аъзоларини тўхтатмоқчи бўлганида, унга таҳдид қилиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, жами 3.310.285 сўмлик 395 литр дизель ёқилғисини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а,v” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Ромитан тумани “Қоқиштувон” маҳалласида яшовчи, 1993 йилда туғилган М.С. исмли шахс ва унинг маҳалладоши 1984 йилда туғилган Ж.А. ҳамда туманнинг “Қумработ” маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган Б.Ш.лар содир қилганликлари фош этилди.
Ҳозирги кунда ушбу жиноий гуруҳнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.