Ромитанда бундан роппа роса икки йил муқаддам содир этилган чорва мол ўғирлиги фош этилди
2021 йилнинг 20 май кунидан 21 майга ўтар кечаси номаълум шахс Ромитан тумани “Бахтиёрчи” маҳалласи Янгиобод чўл массивидан шу массивда яшовчи, 1989 йилда туғилган Б.С. га тегишли бўлган баҳоси 10.000.000 сўмлик 1 бош қора молини ўғирлаб кетган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб бир қатор кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган эди.
Аммо, ўша вақтда жиноятни фош этиш бўйича бирор бир ижобий натижаларга эришилмаган.
Олинган тезкор маълумот асосида тўхтатиб қўйилган жиноят иши қайта тикланиб, олиб борилган тергов-суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Ромитан туманининг “Боғча” маҳалласида яшовчи 1981 йилда туғилган С.С. исмли шахс содир қилганлиги аниқланди.
Ҳозирги кунда унинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.