20 Июн 2025 йил 1620

Ромитанда “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 30 кунлик” тадбирлари доирасида жиноятчиликнинг олди олиниб, аҳоли ўртасида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича амалий натижаларга эришилмоқда

Хабарингиз бор жорий йилнинг 10 июнь санасидан бошлаб, Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш мақсадида “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 30 кунлик” деб номланган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар 10 июльгача давом этади.

Тадбирлар вилоят ҳокимлиги Прокуратура, ИИБ, ДХХ, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Маҳалла уюшмаси, Мактабгача ва мактаб таълими, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш, Ёшлар ишлари бошқармалари, шунингдек, Миграция агентлигининг вилоят филиали ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Бу 30 кунлик давр мобайнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, профилактик суҳбатлар, тезкор чоралар ва тарғибот ишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ромитан туманида ўтказилган махсус ва профилактик тадбирлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Ҳудудда жиноятчиликнинг камайиши, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошиши ва профилактика ишларининг самарадорлиги кузатилди.

Дастлаб, туман ИИБда қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида эрталаб соат 6:00 дан бошлаб “Тонг” тадбири эълон қилиниб, қидирувда бўлган шахслар яшириниши мумкин бўлган манзиллар текширилди.

“Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам!” шиори остида пиёда юриш марафони ўтказилди.

Туман ИИБ да ўтказилган йўриқномада ишчи гуруҳ аъзоларига қўшма қарор мазмун моҳияти етказилиб, кун давомида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар кўлами тушунтирилиб, манзилли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ички ишлар органлари фахрийлари, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ҳамда таниқли шоир ва ёзувчилар билан давра суҳбатлари ташкил этилди.

Пробация назоратида турган шахслар билан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, 5 нафар назорат остидаги шахсларни жазосидан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш бўйича судга тақдимномалар киритилган бўлса, 1 нафар жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган шахснинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. 

“Назорат” тадбири доирасида туман ҳудудида истиқомат қилувчи муқаддам судланган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Туманда истиқомат қилувчи 100 га яқин ов қуроли эгалари билан жойида ўрганиш ишлари олиб борилиб, қоидани бузган 10 нафар шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Туман марказий бозорида карантин ва санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилиниши текширувдан ўтказилиб, 88 та савдо дўкон эгалари расмий огоҳлантирилган бўлса, бир нафарига маъмурий чора кўрилди.

4 нафар қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганларга нисбатан “Инсон” ижтимоий маркази томонидан васий ва ҳомий тайинланди.

ВЕИҲЁКМдан чиққан 56 нафар вояга етмаганлар яшаш жойидан ўрганилиб, маҳалла еттилиги ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида мониторинг қилиниб, 2 нафари ВЕИҲЁКМга жойлаштирилди.

Тумандаги “Ромитан” оромгоҳи фаолияти ўрганилиб, оромгоҳга жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган ходимлар билан йўриқнома ўтказилди.

Туман ҳокимлиги, вилоят ҳудудидаги олий таълим муассасалари масъуллари билан ҳамкорликда туман ҳудудида истиқомат қилувчи олий таълим муассасалари битирувчи талабалари билан  учрашув ташкил этилиб, битирувчи талабаларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.

Тадбир доирасида профилактика инспекторлари томонидан 36 та ҳолатда ҳуқуқбузарликлар аниқланиб маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Ижтимоий профилактика объекти сифатида рўйхатга олинган 76 нафар шахсларга нисбатан хулосалар берилиши таъминланиб, 39 та қўшма хулосалар тузилди.

Маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи 1 нафар шахсга назорат ўрнатилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан ҳамкорликда диспансер ҳисобида турган руҳий касалларнинг 270 нафари ва спиртли ичимликка ружу қўйган шахсларнинг 105 нафари яшаш манзилидан ўрганилиб, тиббий кўрикдан ўтказилди.

Жараёнда 3 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар вилоят наркология диспансерига мажбурий даволанишга, 2 нафар жиноят содир этишга мойил тажовузкор руҳий касаллар диспансерга ётқизилди.

Бундан ташқари, туман ҳудудида истиқомат қилувчи тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ҳамда низоли оилалардаги хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларнинг муаммолари ечимига доир чора тадбирлар белгиланиб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, яна 7 нафарига Ҳимоя ордери расмийлаштириб берилиб, тушунтириш та тарғибот ишлари натижасида 4 та оила яраштирилди.

Қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан аҳоли хонадонлари ва бошқа объектларни қўриқловга олиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилиб, 2 та объект,  1 та хонадон қўриқловга олинди.

“Долзарб-30 кунлик” тезкор-профилактик тадбири давомида, Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ ва туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, “Хоса” маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадони ва ёрдамчи хўжаликлари кўздан кечирилганда, жами 10 дона “ANTMINER S9” русумли майнинг қурилмалари мавжудлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам тасдиқланган график асосида амалга ошириб келинмоқда.

Text to speech