13 Январ 2023 йил 433

Сайёр судда табиий газ қувурларига ноқонуний қурилмалар ўрнатган 41 нафар фуқаролар жавобгарликка тортилди

Жондор туманида юридик ва жисмоний шахслар томонидан содир этилаётган табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ижтимоий объектлар ва аҳоли хонадонларига газ босимини бир меъёрда етказиб беришни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда газ таъминоти ҳудудий бўлимлари ходимларидан иборат тезкор гуруҳлар томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларида тезкор рейд тадбирлари ўтказилди.

Туманнинг Нурафшон ҳамда Чорзона маҳаллаларида ўтказилган тадбирлар давомида жами 620 та хонадонлар кўздан кечирилди.

Жараёнда 41 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ, яъни газ қувурларига сўрғич мосламаларини ўрнатиш ҳолатлари аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасига асосан маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборилди.

Жорий йилнинг 13 январь куни Жиноят ишлари бўйича Жондор тумани суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида ушбу 52 нафар табиий газ қувурларига ноқонуний сўрғич ўрнатган фуқароларга нисбатан маъмурий иш ҳужжатлари мазмунан кўриб чиқилди.

Сайёр суд мажлисида Жондор туман ҳокими Санатилло Ҳикматов ҳамда Бухоро вилояти ИИБ дан туманга масъул қилиб тайинланган подполковник Шуҳрат Жалолов ҳам иштирок этиб, фуқароларга табиий газ қувурларига ўрнатилган ноқонуний газ сўрғичлари ушбу йўналишдаги газ қувурларига уланган бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид эканлиги, уларга етарли миқдорда табиий газ босимининг етиб бормаслигига сабаб бўлиши, сўрғичлардан келадиган газнинг сифатсиз ва ҳаёт учун хавфли солиши, тўлиқ ёнмасдан ортиқча газнинг исроф бўлишига олиб келиши юзасидан тушунтиришлар берилдилар.

Шунингдек фуқаролар ушбу синовли кунларда биртану биржон бўлиб ортиқча ваҳима йўл қўймаслик, қиш мавсумини талафотсиз ўтказиш бораси олиб борилаётган кенг кўламли ишлар борасида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг суд қарори билан ушбу 41 нафар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Шу ўринда барча фуқаролардан ушбу ҳолатлардан хулоса чиқариб, табиий газдан ноқонуний фойдаланмаслигларини сўраб қоламиз.

Ўзбошимчалик билан ўрнатилаётган бундай ноқонуний ускуналар ҳаёт учун хавфли эканлигини эслатиб ўтамиз.

Text to speech