Шахсни ташқи қиёфа билан идентификация қилиш тизими орқали автомашинани олиб қочган шахс фош этилди
2023 йил 7 апрель кунидан 8 апрель кунига ўтар кечаси номаълум шахс қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, Бухоро шаҳар Чўлпон кўчасида яшовчи 1963 йилда туғилган К.Б. га тегишли бўлган “Ваз21013” русумли автомашинани бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда, автотранспорт воситасини эшиклари очиқ ва қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, автомашина ичида бўлган калит ёрдамида уни ўт олдириб олиб қочган.
Ушбу автомашина Бухоро тумани "Наврўз" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг Бухоро-Ғиждувон йўналиши 258-кмга етганида, Бухоро тумани Халқ қабулхонаси биноси олдига қўйиб кетилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида вилоят ИИБ Эксперт криминалистика бўлими ходимлари томонидан тадқиқот қилиш учун тақдим қилинган видео тасвирлар шахсни ташқи қиёфа орқали идентификация қилиш тизими орқали текширилганда, ушбу жиноятни Шофиркон тумани "Жўйрабод" маҳалласида яшовчи 1993 йилда туғилган Х.У. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирги кунда ушбу шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.