Шахсий таркиб ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш йўлида
Бугун, 17 декабрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомида эришилган ютуқлар ҳамда улар томонидан содир этилган хизмат интизоми ва қонун бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек, коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик борасида таҳлилий-танқидий муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Мазкур йиғилишда вилоят ИИБ раҳбарияти, Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бошқармаси масъул ходимлари ва Масжиди калон имом хатиби Жамол Мавлонов ҳамда обрў-эътиборли фахрийлар иштирок этди.
Йиғилишни бошқарма бошлиғи ўринбосари подполковник Умид Утаев очиб бериб, ходимларнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини назорат қилиш, психологик хизмат сифатини ошириш борасида сўз юритди.
Бунда, тамагирлик, порахўрлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик, бу каби салбий ҳолатлар юз берганда қатъий чоралар кўрилиши таъкидланди.
Шунингдек, фахрийлар томонидан ёш ходимларга бир қатор ижобий тавсиялар билдирилиб, хизматига содиқ, ҳалол меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг мураббийларини қўшимча рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда вилоят ИИБ ММ ва КБТХ ёш ходимлар билан ишлаш гуруҳи катта инспекторининг 11 ой давомида ёш ходимлар томонидан эришилган ютуқлар ҳамда содир этилган хизмат интизоми ва қонун бузилиши ҳолатлари бўйича таҳлилий ҳисоботи тингланиб, муҳокама қилинди.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган муҳокама йиғилишида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бошқармаси масъуллари томонидан хизмат интизомини бузишга мойил айрим ёш ходимлар қаттиқ огоҳлантирилиб, уларга хизмат ва ижро интизомига қатъий риоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди.