Шахсни қиёфа бўйича идентификация қилиш тизими орқали жиноят фош этилди.
2023 йил 9 март куни соат 09:00 дан 10:30 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Бухоро шаҳар Ибн Сино кўчасидаги «Корзинка» савдо мажмуасининг иккинчи қаватида жойлашган тилла тақинчоқлар савдо дўконига мижоз сифатида келиб, 1 дона бозор баҳоси 2.000.000 сўмни ташкил этувчи аёллар тилла узугини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлик жиноятини содир қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор-техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида вилоят ИИБ ЭКМдаги Шахсни қиёфа бўйича идентификация қилиш тизими орқали текширилганда ушбу жиноятни Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган С.Қ. исмли аёл содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирги кунда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.