7 Июн 2023 йил 595

Шофиркон туманида ўтказилган махсус тезкор ҳамда кенг қамровли профилактик тадбирлар давомида хонадонида ноқонуний равишда “тилла қуми ювиш билан шуғулланувчи” бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқбузарликлари фош этилди

Мамлакатимизда янги иш ўринларини ташкил қилиш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўли билан аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, юртимизнинг айрим ҳудудларида ижтимоий тангликнинг кучайиши, жумладан қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олишнинг давом этаётганлиги билан боғлиқ бўлган криминоген вазиятнинг ёмонлашиши кузатилмоқда.

Маълумки, амалдаги қонунчилигимизда, ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулида қазиб олиш билан шуғулланишга рухсат этилмайди. Бироқ йўқ ердан даромад топиш мумкин бўлган жойда қонун бузилмаслигига ким кафолат беради?

Маълумотларга кўра, ноқонуний равишда қимматбаҳо металларни қазиб олиш тизимли тус олган бўлиб, уларнинг яширинча айланиши ва чет элга олиб чиқиб кетилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Қонунчиликда бу каби ноқонуний равишда олтин қазиб олганлик учун жиноий жавобгарликнинг муқаррарлиги белгилаб қўйилган.

Аввал хабар берганимиздек, Шофирконда айнан ноқонуний равишда "тилла қуми ювиш билан шуғулланувчи" шахс уйида ўта мудҳиш ва оғир жиноят ҳисобланган босқинчилик жиноятининг содир этилиши турли миш-миш ва шов-шувларга сабаб бўлди.

Ўзининг устомонлиги билан қонунларимизни четлаб ўтиб текин даромад орттиришни ният қилган шахслар қўлга олинди.

Гап шундаки, 2023 йилнинг 28 май куни соат тахминан 04:00 ларда Шофиркон тумани “Денов” маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро А.Ш. исмли шахс Бухоро давлат университетининг 3-босқич талабаси, 2001 йилда туғилган бошқа бир фуқаро С.С. ҳамда “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро О.И. лар билан “Денов” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.О. нинг уйига девор ошиб кириб, ҳовлисининг айвонида ноқонуний равишда таркибида тилла заррачалари бўлган қумларни юваётган, туманнинг “Маҳаллақози” маҳалласида яшовчи, 1-сонли касб-ҳунар мактабининг 1-босқич ўқувчиси, 2006 йилда туғилган вояга етмаган Н.Ш. нинг  олдига бостириб бориб, танасининг турли жойларига уриб, жароҳат етказиб, унга тегишли умумий қиймати тахминан 10.000.000 сўмлик таркибида тилла зарралари бўлган қумларни босқинчилик йўли билан олиб, воқеа жойидан яширинишган.

Ҳолат юзасидан Шофиркон туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов жараёнида юқоридаги 4 нафар гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари бирма бир таҳлил қилиниб, зудлик билан Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан туман масъул раҳбарлари, ушбу маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилинди. Жиноят содир этилишига олиб келган омиллардан келиб чиқиб бошқарма бошлиғининг алоҳида кўрсатмаси асосида махсус тезкор гуруҳлар шакллантирилиб, Шофиркон туманининг 3-секторига қарашли  ҳудудларда ноқонуний тилла ювиш билан шуғулланувчи фуқароларни аниқлаш ва уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида махсус тезкор ҳамда профилактик тадбирлар олиб борилиб, туманнинг “Навбаҳор”, “Қайрағоч”, “Паттахон”, “Денов” ва “Неккиши” каби маҳаллалари хатловдан ўтказилди.

Жараёнда, Ички ишлар бошқармаси  бошлиғи полковник Миржамол Миралимов томонидан туман ҳокимлиги биносида барча ҳамкор ташкилотлар иштирокида тезкор йиғилиш ўтказилиб, масъулларга аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.

Махсус тезкор ҳамда кенг қамровли профилактик тадбирларга Ички шлар бошқармасининг тегишли хизмат соҳалари ҳамда туман ИИБ ходимлари, вилоят Электр тармоқлари УК, Экология ва Соғлиқни сақлаш бошқармаларидан мутахассислар жалб этилди.

Малумот ўрнида: Тадбир давомида ушбу ҳуддудга қарашли 5 та маҳалла фуқаролар йиғинларида мавжуд 3420 та хонадонларнинг барчаси хатловдан ўтказилди.

Хатлов давомида:

- 128 та ободонлаштириш қоидаларини бузиш;

- 17 та ноқонуний тилла ювиш;

- 70 та ноқонуний газ ва электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳамда 325 та бошқа турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 67.078.000 сўм миқдорида жарималар белгиланиб, белгиланган жарималарнинг 20.201.500 сўми давлат фойдасига ундирилди.

Ушбу маҳаллалардаги тилла қумларини ташиш имкониятига эга, қум ташиш учун қайта жихозланган ва техник кўрикдан ўтмаган жами 32 та автомашинлар жарима майдончасига жойлаштирилди.

Бу каби тадбирлар юқоридаги каби оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни барвақт одини олиш мақсадида ташкиллаштирилган бўлиб, келгусида мазкур ҳудудлар ва уларга туташ бўлган бошқа ҳудудларда ҳам изчиллик ва манзилли тартибда давом эттирилади.

Text to speech