Шофиркон туманида “Хавфсиз ҳудуд” махсус тезкор профилактик тадбирлари ўтказилди
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Шофиркон тумани ИИБ масъуллари томонидан «Дўрмен» ва «А.Навоий» маҳаллаларида «хонадонбай» тизими асосида аҳоли орасида “Хавфсиз ҳудуд” махсус тезкор профилактик тадбирлар амалга оширилди.
Тадбир олди йўриқномада ходимларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, жойларда туман ИИБ 3-сектор масъуллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилмоқда.
Ҳудудлардаги 10 та қишлоқ бўйлаб 35 та савдо объектлари, 2300 дан ортиқ хонадон, кўча ва жамоат жойларида 24 та низоли оила, қўни-қўшни ва ажрим ёқасига келиб қолган оилалар вакиллари, аҳоли ва корхоналар ходимлари, айниқса ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга доир ҳуқуқий-тарғибот ишлари олиб борилди.
Тадбир доирасида соғлиқни сақлаш муассасаси ҳисобида турган 14 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган ва 28 нафар руҳий касаллар хонига соҳа ходимлари билан борилиб уларнинг ҳолидан хабар олиниб, тиббий кўрикдан ўтказилди.
Аҳоли ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва фирибгарлик, ўғирлик ҳамда кибержиноятчилик қурбонига айланиб қолмаслик йўлларини тушунтириш мақсадида 22 нафар қассоблик ҳамда чорва молларини ташувчилик ва олиб-сотиш билан шуғулланадиган шахслар билан профилактик суҳбатлар олиб борилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида 96 нафар қоидабузар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 38 та автомашина қарздорлиги бўйича жарима майдончасига жойлаштирилди ва 22 100 000 сўм миқдордаги жарималар ундирилди. Шу билан бирга, ҳайдовчиларга 200га яқин тарғибот буклетлари тарқатилди.
Ушбу маҳаллаларда истиқомат қилувчи 18 нафар муқаддам судланган ҳамда 19 нафар жиноят содир этишга мойил ва 33 нафар туман ИИБ профилактик ҳисоб ва Пробация назорати остида турган шахслар билан ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, келгусида такроран жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этмаслик бўйича огоҳлантиришлар берилди.
Мазкур тарғиботлар давомида жами 2300 дан ортиқ буклет ва профилактика инспекторлари ташриф қоғозлари тарқатилди.
Шу куни ов қуроли эгалари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқаролар билан якка тартибда профилактик ишлар олиб борилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш, айниқса мамлакатимизда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида профилактик тушунтиришлар берилди.