Шофирконда ирригация тармоғининг масъул ходими фирибгарлик қилганликда гумон қилинмоқда
Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Шофиркон туман ирригация бўлими масъул ходими туманнинг Калон маҳалласида яшовчи 1994 йилда туғилган С.Ф. хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бир фуқарони алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилиб, Бухоро вилояти ирригация бошқармасида ишловчи ваколатли танишлари орқали унга томчилаб суғориш йўналишида бериладиган субсидия маблағларидан олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 200 АҚШ доллари беришни талаб қилган.
Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида 2023 йилнинг 29 июль куни соат 14:30 ларда ўтказилган тезкор тадбирда, С.Ф. Шофиркон тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли Марказий поликлиника автотураргоҳида ушбу шахсдан талаб қилинган 200 АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.