Соҳадаги ислоҳотлар янги босқичга чиқади, ички ишлар органлари аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантирилади
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 20 январь куни қабул қилинган “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-10 сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ ички ишлар органларида хизматга қабул қилиш бўйича номзодларни танлашнинг адолатли, холис ва шаффоф тизимини яратиб, ўрнатилган тартибларни тубдан соддалаштириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланиб, ички ишлар органларига номзодларни танлаб олиш тартиблари саралаш ва ўрганиш босқичларидан иборат.
Саралаш босқичида дастлаб рўйхатга олиш, дастлабки ўрганиш (низомга мувофиқ умумий талабларга мос келишини текшириш), интеллектуал ривожланганлик даражаси ва психоэмоционал барқарорлигини баҳолаш, тест синови (номзодларнинг Ўзбекистоннинг энг янги тарихи, ҳуқуқшунослик ва тарбия фанлари бўйича билимларини баҳолаш), жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш.
Ўрганиш босқичида хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтказиш.
2023 йил 1 сентябрьдан эътиборан, психофизиологик (полиграф) текширув (ички ишлар органларида хизмат қилиш учун тўсқинлик қиладиган салбий омилларни аниқлаш мақсадида) ўтказилиши белгиланган.
Шунингдек Ўрганиш босқичидан муваффақиятли ўтган, шунингдек шахсий ҳужжатлар йиғма жилди тўлиқ расмийлаштирилган номзодлар хизматга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошлиқнинг буйруғи билан хизматга қабул қилинади ва ички ишлар органларининг бошланғич касбий тайёргарлик курсларига юборилади.
Бошланғич касбий тайёргарлик курсларини муваффақиятли тамомлаган ва белгиланган сертификатга эга бўлган ходимлар хизматга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошлиқнинг буйруғи билан тегишли лавозимга тайинланиши белгиланган.
Тор ихтисослик бўйича мутахассислар қаторидан бўлган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган рўйхат ва тартибда саралаш босқичисиз ўрганиш босқичи орқали хизматга қабул қилиниши мумкин.
Унга кўра, бошқа вазифалар қатори инсон омилини истисно этиш ҳамда коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, хизматни ўташ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини замон талабларига мос равишда тўлиқ рақамлаштириш Департамент фаолиятини устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ушбу ҳужжат ички ишлар органлари ходимларнинг маънавий-ахлоқий фазилатлари юксалишига, тартиб-интизом ва қонунийлик мустаҳкамланишига, ходимларда билим ва профессионализм ҳамда масъулият ортишига хизмат қилади. Ва пировардида аҳолининг тизимдан чин дилдан розилигига эришимиз гарови бўлади.
Ўлмас Ҳамидов
Бухоро вилояти ИИБ ММИ ВА КБТХ бошлиғининг ўринбосари подполковник