“Телеграмм” ижтимоий тармоғи орқали фуқароларни чув туширган шахс икки йилдан сўнг фош этилди
2021 йилнинг 13 февраль куни Вобкент тумани "Ҳажувон" маҳалласида яшовчи, А.И. ўзининг телефон рақамига келган эълон орқали “Телеграмм” ижтимоий тармоғидаги “Зиёдашоп” онлайн савдо каналига аъзо бўлиб, ўзини ушбу канал админи сифатида таништирган номаълум шахснинг алдовига учиб, савдо канали томонидан унга 500.000 сўм миқдоридаги пул ютуғини пластик картаси ҳисоб рақамига ўтказиб бериш тўғрисидаги ваъдага ишониб, унга ўзининг ҳамда қудасининг пластик карта рақамлари ва кодларини берган.
Ушбу фуқароларнинг соддалигидан фойдаланиб пластик карталарнинг рақами ва кодини олишга эришган номаълум шахс ўша вақтнинг ўзида жабрланувчи А.И. нинг пластик картасидан 644.000 сўм, қудасининг пластик картасидан эса 544.000 сўм пулларни ечиб олган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган А.А. содир қилганлиги фош этилди.
Ҳозирда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.