Тинчлик посбонлари ўртасида “Қўл жанги” тури бўйича туманлараро мусобақа ўтказилди
Ички ишлар органларида кенг миқёсда ўтказилаётган “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида бугун, 1 октябрь куни Вобкент тумани ИИБ томонидан ходимлар ўртасида туманда жойлашган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг “Қўл жанги” тури бўйича туманлараро мусобақа ташкил этилди.
Мазкур беллашувларни туман сектор раҳбарлари очиб бериб, мамлакатимизда Ички ишлар органлари ходимларини ҳар томонлама профессионал, жисмоний ва жанговар тайёргарликка эга етук кадр бўлиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани борасида сўз юритди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси шаҳар-туман Ички ишлар бўлимларининг 13 та жамоалардан ташкил топган 7 та вазн тоифалари бўйича ўзаро куч синашишди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда умумжамоа ҳисобида Бухоро тумани Ички ишлар бўлими жамоаси фахрли 3-ўринни, Вобкент тумани Ички ишлар бўлими жамоаси эса 2-ўринни эгаллаган бўлса ва фахрли 1-ўринни вилоят ички ишлар бошқармаси ЖХХ ППХБ жамоаси эгаллади ва ғолиблар бошқарма бошлиғининг кубоги ва қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирланишди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби спорт мусобақаларни ўтказишдан кўзланган мақсад ходимларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлигини ошириш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва спортни янада оммалаштиришдан иборат.