Туркия миллий полиция Академияси делегацияси Бухоро вилоятига ташриф буюрди
Туркия миллий полиция Академияси бошлиғи ўринбосари Фатиҳ Инал бошчилигидаги делегация юртимизга қилган амалий ташрифи доирасида жорий йилнинг 6-7 июль кунлари Бухоро вилоятида ҳам бўлишди.
Меҳмонларни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев кутиб олди. Делегация раҳбари ва аъзоларига Бухорода ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, айниқса ҳудудий ички ишлар органларини тузилмаси ва асосий вазифалари, ислоҳот ва истиқболдаги режалар ҳақида қисқача сўзлаб берилди.
Сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро академик лицейида бўлиб, таълим масканининг фаолияти билан танишиб, лицей қошидаги «Жасорат» тарихий музейида саёҳат қилдилар.
Музейда вилоят ички ишлар органлари шаклланишининг турли босқичлари, тизим ходимларининг хизмат кийимлари, авто ва мототранспортлар, махсус восита ва қуроллар экспонатлари билан яқиндан танишишди.
Ташриф давомида меҳмонлар вилоятнинг диққатга сазовор қадимий манзиллари бўйлаб ҳам саёҳат қилишди. Жумладан, «Сомонийлар мақбараси», «Арк қўрғони», «Пойи калон», «Лаби ҳовуз» ансамбли ва «Мохи-хоса» маданий мерос объектлари ҳамда «Баҳоуддин Нақшбанд» зиёратгоҳида бўлиб, шариф шаҳарнинг кўп йиллик тарихи ва қадимий жозибасига юқори қизиқиш билдириб, буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида эътироф этдилар.
Бундан ташқари делегация вилоят Ички ишлар бошқармасининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Бунда, меҳмонлар бошқарма фаолияти, шаҳарнинг қадимий қисмида жойлашган туризм объектлари бўйлаб хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ходимларнинг ишлаш тартибини, куч воситаларнинг ҳаракат йўналишларини чуқур ўрганиб, ходимларга яратиб берилган хизмат шароитлари билан яқиндан танишишди.
Ташриф чоғида жаноб Фотиҳ Инал туризм полицияси ходимлари замонавий жаҳон андозалари даражасида жиҳоз ва техник воситалар билан таъминлангани, улар юқори профессионал даражада хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.
Туркия миллий полиция Академияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.