Ҳудудлараро тажриба алмашинув — иш самарадорлигининг мезони
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг топшириғи асосида республикамизнинг бошқа ҳудудларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилаётган янги иш услубларини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида бугун Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шуҳрат Жалолов, Молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси бошлиғи Иноят Асатуллаев ҳамда Алоқа хизмати бошлиғи Азиз Саидов ва бошқа соҳавий хизматларнинг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида тажриба бўлиб турибди.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-3528-сон қарорига мувофиқ мавжуд ахборот-хизмати негизида ташкил этилган Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа маркази фаолиятини яқиндан ўрганиб, ушбу тажрибани келгусида Бухоро вилоятида ҳам жорий этиш назарда тутилган.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда ташкил этилган “Ягона тезкор бошқарув Маркази” ва “Ички ишлар органларига номзодларни қабул қилиш Марказ”ида яратилган замонавий ва қулай шарт-шароитлар билан танишилди.
Шу куни ишчи гуруҳ Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейида саёҳатда бўлиб, пойтахтнинг қадимги давлатчилик тизими, унда даврлар кесимида хавфсизлик масалалари ҳамда бугунги кунда жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталиги йўлида олиб борилаётган хизматлар билан яқиндан таништирилди.