5 Май 2023 йил 506

Ўғирлик: Бухоро туманида ўғирлик жиноятини ўзига касб қилиб олган жиноий гуруҳ фош этилди

Бухоро тумани ИИБ томонидан берилган маълумотга кўра, 2023 йил 29 апрель куни номаълум шахслар туманнинг “Маданият Работ” маҳалласи Кўчки Сафед қишлоғида яшовчи фуқаро M.С.нинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, 500.000 сўм нақд пулларини ўғирлаган.

Худди шу вақтда айнан биринчи ҳолатдаги воқеа жойига қўшни бўлган фуқаро Ҳ.Д.нинг яшаш уйида ҳам ўғирлик жинояти содир бўлиб, унинг хонадонидан 300.000 сўм пуллари ҳамда 1.500.000 сўмлик тилла тақинчоқлари ўғирлаб кетилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Олиб борилган суриштирув ва тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятларни Бухоро тумани “Маданият Работ” маҳалласида яшовчи вояга етмаганлар 2008 йилда туғилган С.Т. ва 2008 йилда туғилган И.С. исмли шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир қилганликлари фош этилди ва ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирги кунда ушбу жиноий гуруҳнинг вилоятимиз ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида содир этилиб, фош этилмасдан қолаётган шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш борасида тезкор ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech