Қурбон ҳайити муносабати билан Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус чора-тадбирлар белгиланди
Жорий йилги Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Бухоро вилоятидаги Қурбон ҳайити намози ўқиладиган 106 та жоме масжидлари ва аҳоли кўп тўпланадиган жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларга қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш муҳитини яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Видеоконференцалоқа тизими орқали Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтказилган тезкор йиғилишда Ички ишлар вазирлигидан бириктирилган масъул раҳбар, вилоят прокурори, Ички ишлар бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар ҳамда Миллий гвардия бошқармаси раҳбарияти, туман ва шаҳарлар масъуллари, шунингдек, бошқа барча тааллуқли идоралар масъуллари иштирок этдилар.
Йиғилишда Қурбон ҳайити байрами тадбирлари мобайнида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини, йўлларда транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш шунингдек, турли техноген ва фавқулодда вазиятларни олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Мазкур режа иштирокчиларга тақдим этилиб, унинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, байрам тадбирлари давомида жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан самарали ишлаш ва уларга ўз вақтида муносабат билдириш муҳимлиги таъкидланди.
Барча шаҳар ва туманлардаги масжидлар атрофида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилиш, ёнғинга қарши техника ва ускуналарнинг шайлигини яна бир бор назорат тартибида кўздан кечириш бўйича масъул идораларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш, аҳоли ўртасида хавфсизликни таъминлаш ва ижтимоий барқарорликни сақлаш ҳар бир мутасадди ташкилот вакилларининг устувор вазифаси эканлигига алоҳида урғу берилди.