26 Январ 2023 йил 701

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Бухорода хотин-қизлар ижтимоий муҳофазасига доир ўрганишларини олиб борди

Бухоро шаҳридаги "Monday" дастурлаш маркази билан танишиб, IT соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан учрашув ўтказди.

Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Бухоро Давлат университетида ихтирочи, олима аёллар ва вилоятда мавжуд олийгоҳларда таҳсил олаётган ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар билан ҳам мулоқот ўтказди.

"Ишга марҳамат" мономарказида миграциядан ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган, пробация ва профилактик назоратда турган, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар билан учрашилди.

Жараёнда ушбу хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ҳам бўлди.

ИТ Парк Бухоро филиали фаолияти ҳамда ИТ йўналишда таълим олаётган қизлар билан бўлган суҳбатда ИТ Парк Бухоро филиали томонидан вилоятдаги аёллар, қизларни ушбу йўналишда таълим олганликлари, уларни ишга жойлашгани ҳамда филиал томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда янги йилда режалаштиришган ишлар ҳақида тақдимот ўтказилди.

Тақдимотдан сўнг ҳудудий филиалда таҳсил олаётган ёш қизларнинг амалий ишланмалари кўрсатилди.

Навбатдаги манзил Бухоро давлат университети бўлди. Университет фаоллар залида ихтирочи, олима аёллар ва вилоятда мавжуд олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба-қизлар билан мулоқот ўтказди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 сентябрьдаги 585-сон қарорига мувофиқ талаба хотин қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Тавсияномалар тақдим этилди.

Ташриф давомида Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Бухоро шаҳридаги 1-сон умумтаълим мактабида шаҳардаги умумтаълим мактабларнинг раҳбарлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ва психологлари, соғлиқни сақлаш масъуллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида оила-маҳалла-таълим ҳамкорлиги, тарбия масалалари, эрта турмуш, эрта туғуруқ каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида йиғилиш ўтказди.

VII асрнинг иккинчи ярими, аниқроғи, 1670-71 йилларда барпо этилган Жўйбори Калон мадрасаси Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти сифатида 1992 йил 1 сентябрда фаолиятини бошлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтказилган. Мазкур муассаса ўрта маълумотли бошланғич араб тили мураббийси, диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари маслаҳатчиси тайёрлайди. Айни пайтда у ерда республикамизнинг турли вилоятларидан 75 нафар талабалар таҳсил олмоқда.

Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Бухорога ташрифи доирасида Жўйбори Калон аёл-қизлар ислом таълим муассасасида бўлиб, таълим даргоҳининг мударрислари ва талабалари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, маърифатнинг тараққиётда тутган ўрни хусусида мулоқот ўтказди.

Text to speech