Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Афв» Фармонига асосан озод этилган бухороликлар муаммолари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий 2022 йилнинг 29 апрель кунидаги 125-сонли «Афв» фармонига асосан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 нафар бухоролик маҳкумлар ҳам жазодан озод этилди.
Ушбу шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш мақсадида ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва тегишли ташкилотлар томонидан зарурий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, бугун 31 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, вилоят давлат Солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори ўринбосари ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқа мутасаддилар иштирокида вилоят 3-сектор штаби биносида афв этилган фуқаролар билан учрашиб, уларни уй-жой ва иш билан таъминлаш, саломатлигини тиклаш ҳамда бошқа мавжуд муаммоларини ҳал этиш борасида юзма-юз мулоқот қилдилар.
Учрашув давомида уларнинг келгусидаги мақсад ва режалари ўрганилиб, билдирган муаммоли масалалари бўйича чора-тадбирлар белгиланди ва мутасаддиларга манзилли топшириқлар берилди.