22 Феврал 2023 йил 442

Вазир ўринбосари Вобкент туманида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, озиқ-овқат таъминоти ҳамда ҳудуднинг криминоген вазиятига таъсир этувчи бошқа ижтимоий-маиший муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан жойида танишди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов бошчилигидаги масъуллар Вобкент тумани Марказий деҳқон бозорида бўлиб, бу ерда савдо ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиниши, нарх-навони сунъий ошиб кетишига сабаб бўлувчи омиллар ўрганилиб, зарурий тавсиялар берилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари билан суҳбат жараёнида уларнинг мавжуд муаммо ва таклифлари эшитилди.

Шунингдек, туман захира омборхонасида кундалик озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш борасида амалга оширилган ишлар яқиндан ўрганилиб, эҳтиёж молларининг қўшимча захирасини яратиш бўйича вазифалар белгиланди.

Шу куни тумандаги «Чармгарон» маҳалласи ҳамда маҳаллага хизмат кўрсатувчи Ҳуқуқ-тартибот масканига ҳам борилиб, ундаги «бешлик» фаолияти билан яқиндан танишилди ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Жараёнда аҳоли муаммоларига ечим топиш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириб жиноятчиликни олдини олиш борасида тавсиялар берилди.

Ўрганишлар давомида республика ишчи гуруҳи аъзолари Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимида ҳам бўлиб, туманда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, иқтидорли ёш авлодни янада рағбатлантириш юзасидан яратилаётган қулай имкониятлар билан ҳам танишишди.

Вазир ўринбосари туманда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги кенг кўламли ишлар билан ҳам яқиндан танишиб, ҳудудда фаолият олиб бораётган тола кластери, унинг имкониятлари, келгусидаги режалар, ишлаб чиқариш кўлами ва сифатини ошириш, бунда ип-калаваларининг экспорти билан боғлиқ муаммоларни ҳам ўрганиб, туман мутасаддиларига ўзининг бир қатор тавсияларини берди.

Ташриф якунида, вазир ўринбосари туман Ички ишлар бўлимига ҳам бориб, бу ерда аҳоли ва ходимлар учун яратилган шароитлар, соҳада 2022 йилда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар таҳлили билан танишиб, ходимлар билан хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва қонунийликка амал қилишга доир йўриқнома ўтказиб, ўзининг бир қатор топшириқ ва кўрсатмаларини бериб ўтди.

Text to speech