Вилоят ҳудудида ўтказилаётган “Хавфсиз ҳудуд-долзарб 50 кунлик” махсус тезкор профилактик тадбирлари давом этмоқда
Хабарингиз бор, айни кунларда бутун республикада бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Хавфсиз ҳудуд” махсус тезкор-профилактик тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Тадбирга ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда жамоатчилик вакиллари жалб қилинди.
Тадбирни самарали ўтказиш мақсадида 544 та маҳаллаларда жами 1 356 та патруллик йўналишлари ташкил этилди.
Туман(шаҳар)лардаги жами барча объектлар текширилиб, шундан: кўп қаватли уйлардаги хонадонлар ва ҳовлили уйлар текширилди.
Шунингдек, меҳмонхона ва ётоқхоналар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ўрганилди.
Тадбир давомида барча турда 18 075 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди.
Шу жумладан,
641 та майда безорилик, 605 та жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш,
75 та майда ташмачилик, 20 та вояга етмаганларни тунги вақтларда кўнгилочар масканларда назоратсиз қолдирилганлиги, 33 та хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан чоралар кўрилиши таъминланди.
Тунги вақтларда белгиланмаган жойларда ёки бемақсад юриб фуқаролар осойишталигига зиён етказиши мумкин бўлган, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахслар ички ишлар органлари ва таянч пунктларига олиб келиниб, тезкор-профилактик ишловлар ўтказилди.
273 нафар назоратсиз юрган вояга етмаганлар ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
58 нафар яшаш ва иш жойи ноаниқ шахслар Реабилитация марказига жойлаштирилди.
Спиртли ичим ва гиёҳвандликка ружу қуйган шахслар, тажовузкор руҳий касаллар билан ҳам манзилли ишлар олиб борилиб, соғлиқни сақлаш муассасаларига жойлаштирилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан 56 нафар жиноят содир этиб жазодан яшириниб юрган қидирувдаги шахслар ушланди.
“Хавфсиз ҳудуд” махсус тезкор-профилактик тадбирини ўтказиш давомида илгари судланган шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишини олдини олиш мақсадида муқаддам судланганлар яшаш манзилидан текширилиб, маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди.
Жараёнда, маъмурий назорат қоидаларини бузган шахсларга нисбатан ҳам чоралар кўрилди.
Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида, зўравонликдан жабрланган ва тазйиққа учраган 320 нафар хотин-қизларга “ҳимоя ордери” расмийлаштирилди.
Жиноятчилик хавфи юқори бўлган ҳудудларга 877 та кузатув камераси ҳамда хонадон ва объектларга 540 та ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Тарғибот ишлари натижасида 166 та ижтимоий соҳа объектлари ҳамда 201 та хонадонлар қўриқлаш пультига уланди.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳаллаларда, корхона, ташкилот ва ўқув муассасаларида 8 329 маротаба огоҳлик ва хавфсизлик борасидаги ҳамда бошқа долзарб мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Ушбу йўналишда профилактик тадбирлар давом этмоқда.