Вилоят ИИБ масъуллари томонидан Ғиждувон тумани маҳалла ёшлар етакчилари ва мактабгача таълим соҳаси ходимлари иштирокида профилактик тадбирлар ўтказилди
Бугун, 13 май куни вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев бошчилигидаги вилоят ИИБ масъулларидан иборат йиғма отряд иштирокида Ғиждувон туманидаги 75 та МФЙ ёшлар етакчилари билан ҳудудда ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга доир профилактик тарғибот учрашувлари ташкил этилди.
Йиғилишда қўшма қарорда белгиланган вазифалар, тегишли кўрсатма ва топшириқлар ижросини таъминлаш, ёшлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, оғир ижтимоий аҳволдаги ёшларнинг муаммоларини яқиндан ўрганиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уларни ижобий ҳал этиш лозимлиги таъкидланди.
Жумладан, профилактик ҳисобда турган ёшлар томонидан қайта ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишининг олдини олиш ушбу аёллар билан доимий равишда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар белгилаш, мавжуд муаммоларининг бартараф этилишига алоҳида аҳамият қаратиш кераклиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, маҳаллаларда “хонадонбай” ва “фуқаробай” иш тизимини самарали ташкил этиб, шу асосда ҳар бир ёш билан индивидуал тартибда ишлаш орқали, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишни тушунтириш тўғрисида сўз юритилди.
Шу куни тумандаги 8-сон умумтаълим мактабида туман ХТБга қарашли Мактабгача таълим ташкилотлари масъуллари иштирокида ҳам учрашув ўтказилиб, соҳа ходимлари томонидан содир этилган тамагирлик, порахўрлик, товламачилик ва фирибгарлик каби коррупцион жиноятлар, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари, жиноят содир этган шахсларга нисбатан кўрилган қонуний чоралар билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилинди.
Тарғибот-ташвиқот тадбирларида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.