Вилоят сектор раҳбарлари бошчилигида афв этилганлар билан мулоқот ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 541 нафар шахс афв этилди.
Улар орасида 27 нафар бухороликлар ҳам бор.
Бугун, 20 май куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари ва тегишли корхона-ташкилотлар мутасаддилари афв этилган фуқаролар билан учрашди.
Афв этилганлар билан суҳбат асносида сектор раҳбарлари уларнинг ижтимоий-тиббий реабилитацияси, соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Афв этилган ҳамюртларимиз давлатимиз раҳбарига ўзлари ва оилалари номидан чуқур миннатдорлик билдириб, келгусида юрт ривожи учун муносиб ҳисса қўшишларини таъкидлашди.