Вилоятда таълим тизимида содир этилган жиноятларнинг соҳабай муҳокамаси ўтказилди
Бугун, 2 февраль куни Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармасида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев иштирокида таълим тизими, умумтаълим мактаблари раҳбар ва масъул ходимлари, ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятлар кенг муҳокама қилинди.
Йиғилишда халқ таълими тизими мутасаддилари, умумтаълим мактабларининг директорлари ва ўқитувчи ҳамда ўқувчи ёшлари томонидан содир этилаётган барча турдаги ҳуқуқбузарлик, жиноятлар, шунингдек, ёшлар ўртасида учраётган суицид ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари, эрта турмуш ҳамда эрта туғруқ ҳолатлари бирма бир муҳокама қилинди.
Ёш авлодни тарбиялашга масъул бўлган мутасаддиларнинг жиноятга қўл уриши ачинарли ҳамда фавқулодда ҳолат эканлиги таъкидланди.
Келгусида ушбу соҳа ходимлари ва ўқувчилари томонидан барча ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишини олдини олиш борасида қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.