Вобкент туманида маҳалла жиноятчилиги бошқарма бошлиғи томонидан жойида муҳокама этилди
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир, жиноятлар кўп содир этилган «қизил» тоифали маҳаллаларга бориб, жиноятчилик ҳолатини жойида муҳокама қилиб бормоқда.
Жумладан, бугун, 1 август куни жиноятчиликнинг навбатдаги «маҳаллабай» муҳокамаси Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов томонидан вилоят ИИБ мутасаддилари, туман ҳокими, қатор масъуллар, ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Вобкент тумани «Латифсобунгар» МФЙда ўтказилди.
Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар шахсга қарши қаратилган жиноят содир этилган бўлиб, унинг сабаб ва келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди.
Бошқарма бошлиғи томонидан масъуллар иштирокида ўтказилган муҳокама жараёнида маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди.
Муҳокамада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида сектор раҳбари, маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори ва бошқа масъул идоралар томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.
Маҳаллада келгусида оғир ва ўта оғир турдаги, айниқса оила турмуш доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш мақсадида, «фуқаробай», «оилабай» ва «хонадонбай» тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ҳудудий Ички ишлар бўлимининг тажрибали ходимларидан иборат йиғма отряд фаолиятини кенг йўлга қўйиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.