Вобкентда вояга етмаган қиз автомашинани олиб қочди
Бухоро вилояти ички ишлар органлари томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали автотранспорт воситаларини қаровсиз, калити ўзида, эшикларини очиқ ҳолатда қолдирилганлиги оқибатида содир этилган жиноятлар ҳамда бу турдаги жиноятларни олдини олишга қаратилган қатор тарғибот тадбирларига қарамасдан фуқароларнинг ўз мол мулкига бепарво муносабатда бўлишлари натижасида автотранспорт воситаларини ўғирлаб олиб қочиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 2 февралидан 3 февралига ўтар кечаси номаълум шахс, Вобкент тумани "Халач" маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган Р.Э. нинг ўз яшаш уйи олдида эшиклари очиқ, калити ўт олдиргичида қолдирилган «Дамас» русумли автомашинасини ўғирлаб олиб қочиган.
Мазкур ҳолат юзасидан келиб тушган хабар асосида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан "тўсиб ушлаш" махсус тезкор режаси ҳаракатга келтирилиб, ҳамкорликда олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари натижасида ушбу автомашина халқаро аҳамиятга эга бўлган А-380 автомобиль йўлининг 69 км. да тўхтатилиб ушланди.
Аниқланишича, маскур жиноятни жабрланувчининг маҳалладоши 2005 йилда туғилган Т.Ш. исмли вояга етмаган қиз содир қилган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 267-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.