Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг олдини олиш борасидаги ишлар сарҳисоб қилинди
Бугун, 12 октябрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида вилоятда жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вояга етмаганлар ўртасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар муҳокамасига бағишланган йиғилиши ўтказилди.
Бунда, ДХХ ҳамда Ички ишлар бошқармалари бошлиқлари, вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, халқ таълими масъуллари, шаҳар-туман инспектор психологлари иштирок этишди.
Муҳокама йиғилишида ўтган давр мобайнида айнан мазкур йўналишда содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятларга бирма-бир тўхталиб , уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар, мутасадди идоралар ҳамда ҳудудий ички ишлар органларнинг масъуллари томонидан йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар хусусида тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида жиноятчиликни олдини олиш ва унга имкон берган сабабларни чуқурроқ ўрганиш, бундай шахслар томонидан содир этилган ҳар бир жиноятга фавқулодда ҳолат сифатида қараш таъкидланди.
Тадбир сўнгида келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.