Вояга етмаган шахс бир нечта ўғирлик жиноятларни содир этганликда айбланмоқда
Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2023 йилнинг 2 март куни соат 20:00 ларда туманнинг А.Навоий маҳалласида яшовчи, вояга етмаган 2005 йилда туғилган С.С. шу маҳалланинг Қумбости қишлоғида жойлашган фуқаро Ш.М. нинг яшаш хонадонига кириш эшигининг очиқ қолдирилганлигидан фойдаланган ҳолда ғайриқонуний равишда кириб, у ердан умумий баҳоси 6.000.000 сўмлик 2 дона «Асер» русумли ноутбукларини яширин равишда талон-торож қилганлиги фош этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи С.С. билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида унинг яна бир қатор шу турдаги жиноятларни содир қилганлиги аниқланган.
Жумладан, С.С. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб худди шу маҳалланинг Кичик Маҳалла қишлоғида жойлашган фуқаро Р.Н. нинг ҳам яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, айвонида сақланган баҳоси 5.000.000 сўмлик 1 дона электровелосипедини ўғирлаганлиги, бундан ташқари, яна бир маҳалладоши А.З. нинг хонадонига девордан ошиб кириб, хоналардан бирида сақланган умумий баҳоси 5.000.000 сўмлик турли хилдаги уй-рўзғор буюмларини ҳам ўмариб, такроран ўғирлик жиноятини содир қилган ҳолда ҳодиса жойидан яширинган.
Ҳозирда Шофиркон тумани ИИБ томонидан С.С. нинг шу ва бошқа турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлашга қаратилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.