Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида “Болалар давлат ҳимоясидадир” мавзусида амалий семинар-тренинг ўтказилди
Бугун, 1 июнь — “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-хукукий ёрдам кўрсатиш марказида “Болалар давлат ҳимоясидадир” мавзусида амалий семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатлари, шаҳар туманлардаги ёшлар билан ишлаш бўйича масъул раҳбарлар иштирок этди.
Семинар аввалида бошқарма бошлиғи сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар айниқса вояга етмаганлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунда айнан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларни тарбияланиш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган манзилли тадбирлар хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг марказ раҳбари катта лейтенант Шахноза Ибодова томонидан Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари томонидан жорий йилнинг 4 ойи мобайнида олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Семинар давомида вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан реал воқеаларга асосланиб ишланган қисқа метражли “Болажоним, кечиргин мени” номли фильмнинг тақдимоти йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Маълумот ўрнида: марказ Бухоро шаҳар “Фитрат” МФЙ Масжиди баланд кўчаси 13-уйда жойлашган бўлиб, 20 нафар вояга етмаганларга мўлжалланган. Шундан 10 нафар ўғил ва 10 нафар қиз болалар учун мослаштирилган. Қиз болалар ва ўғил болалар учун алоҳида ҳожатхона ҳамда ювиниш хоналари, алоҳида ётоқхоналар, овқатланиш хонаси ва синф хоналарига эга.
Жорий йилнинг шу кунига қадар марказда жами 398 нафар вояга етмаганлар тарбияланган бўлиб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида психологик, профилактик тарбиявий ишлар олиб борилган.
Қизғин фикр-мулозаларга бой бўлган тадбир якунида 2022-2023 ўқув йили давомида Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тарбияланаётган вояга етмаганларнинг билим салоҳиятини оширишда ўзининг фаоллиги ва фаолияти доирасида ўқув машғулотларини сифатли ва самарали ташкил қилгани ҳамда амалий ёрдам кўрсатганлиги учун бир қатор мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, сана муносабати билан марказ тарбияланувчиларига байрам дастурхони ёзилиб, бошқарма масъуллари ва вилоят депутатлари биргаликда бир пиёла чой устида болажонлар билан дилдан суҳбат қуришди.