5 Ноябр 2022 йил 865

“Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” тамойили бўйича Бухоро тажрибасининг ижроси муҳокама қилинди

Бугун, 5 ноябрь куни Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБда Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ЖХХ бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев ҳамда ушбу йўналишга дахлдор бўлган мутасадди ходимлар иштирокида “Йўл ҳаракатига оид ҳуқуқбузарликларни маҳаллалар ва фуқаролар кесимида олдини олиш, авария ўчоқларини аниқлаш” бўйича Бухоро тажрибасининг ўқув қўлланмасининг тақдимоти ўтказилди.

Бунда, давлатимиз раҳбари бошчилигида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” тамойили асосида йўлларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан жорий йил 4 апрель кунидаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли қарори ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бунга кўра, йўл ҳаракати иштирокчиларининг “пиёда - жамоат транспорти – велотранспорт - автотранспорт” устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун шарт-шароитлар яратиш, Автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш борасида ҳудудий махсус комиссиялар томонидан умуммиллий дастурни жойларда кенг татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, Бухоро вилояти ИИБнинг жорий йил 27 октябрь кунидаги “Вилоят ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги тегишли буйруғига асосан шаҳар-туман (ИИО ФМБ) ИИБ бошлиқларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилган эди.

Ушбу йўналишни бир қолипга солиш мақсадида вилоят ички ишлар органларининг малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан қўлланма ишлаб чиқилди.

Мазкур қўлланмада:

-йўл ҳаракатига оид ҳуқуқбузарликларни маҳаллалар ва фуқаролар кесимида олдини олиш;

- шаҳар – туман ҳудудидаги авария ўчоқларини аниқлаш;

- тарғибот ишларини кучайтириш;

- маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш;

- йўл ҳаракати қоидалари энг кўп бузилган маҳаллаларда, шунингдек, мастлик ҳолатида йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларни улар истиқомат қилиб келаётган маҳалланинг ўзида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш;

- йўл-транспорт ҳодисалари айниқса, пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида халқаро аҳамиятдаги А-380 ва М-37 автомобил йўлларидаги ҳамда барча шаҳар-туманларнинг мактаб, мактабгача таълим муассасаси, бозорлар ва аҳоли гавжум бўлган пиёдалар ўтиш жойлари ҳамда чорраҳаларга куннинг тиғиз вақтларида хизмат соҳа ходимларининг доимий навбатчилигини ташкил қилишга доир амалий чоралар батафсил белгилаб берилган.

Йиғилиш иштирокчиларига қўлланмалар тарқатилиб, келгусида ҳудудларда амалга оиширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида батафсил тушунтириш берилиб, манзилли топшириқлар берилди.

Text to speech