Хусусий таълим масканларида диний сабоқ бериш қонунга зид!
Ҳозирги кунда республикамиз ҳудудларида аҳолининг ислом динини ўрганишга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида расмий ташкилотлар томонидан етарлича шарт-шароитлар яратиб, уларга масжидларда, мадраса ва олий диний таълим муассасаларида ислом илмлари ўргатилаётган бўлишига қарамасдан кўплаб фуқароларимиз етарли диний билимга эга бўлмаган шахслар томонидан моддий манфаат орттириш мақсадида ташкил этилган марказларда ноқонуний диний таълим олиш ҳолатлари кузатиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 31 январь куни Бухоро вилояти, Пешку туманида истиқомат қилувчи, 1987 й.т., “С.Ш.” ва 1990 йилда туғилган “Х.Б.”лар томонидан ташкил этилган “Мисвоҳ” номли ўқув марказида араб тилини ўргатиш баҳонасида 9 нафар вояга етмаган ёшлар ва 19 та катта ёшдаги шахсларга қонунга хилоф равишда диний таълим бериб келаётганлиги ички ишлар идоралари томонидан аниқланган.
Бундан ташқари, 1993 йилда туғилган “Т.М.” Интернет ижтимоий тармоқларининг “Telegram” месенжерида “Muslimalar” номли виртуал гуруҳ ташкил қилиб, 8 нафар фуқароларга онлайн тарзда диний таълим бераётганлиги аниқланган.
Ўтказилган суриштирув тадбирлари жараёнида, “Т.М.” расмий ҳужжатлари бўлмаган ҳолда араб тилини ўргатиш баҳонасида ноқонуний равишда диний таълим бериб келаётгани аниқланган.
Жавобгар шахслар томонидан Ўзбекистон Олий суди томонидан фаолияти тақиқланган “Салафийлар” ДЭО нинг ғоявий раҳнамоларидан бири бўлган “Содиқ Самарқандий”нинг маърузаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб келганлиги ҳам маълум бўлган.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига биноан, диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш таъқиқланиши ҳамда 8-моддасида ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилинишлари белгилаб қўйилган.
Шу муносабат билан, ушбу фуқароларнинг ҳатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасида (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) кўзда тутилган ноқонуний ҳаракатлар мавжуд.
Шундай экан амалдаги қонунчиликка риоя қилиш барча фуқаролар учун муқаррарлиги, диний таълим олиш фақатгина расмий диний муассасаларда берилишлиги, фуқароларнинг шахсий диний қарашлари асосида диний таълим олиш мумкин эмаслиги белгиланган. Ушбу тартибга қарши ҳар қандай инсонларнинг ҳатти-ҳаракатлари қонун асосида қатъий таъқиб қилинади.
Ҳурматли фуқаролар!
Турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятимизда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган қонун-қоидаларга риоя қилишимиз керак. Фарзандларимизни расмий диний таълим муассасаларида таълим олишларини, турли экстремистик ва фундаменталистик шахсларни ғоялари таъсиридан сақлашимиз кераклигини яна бир бора эслатиб ўтамиз.