"Ўзенергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси пора билан қўлга тушди
Жорий йилнинг 28 декабрь куни Бухоро вилояти прокуратураси, Департамент, ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Ўзенергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси С.А. “I.G.A.S. ” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текшириш якуни бўйича мазкур шохобча фаолиятини тиклаб бериш, “B.A.Y.Q.” МЧЖга қарашли АЁҚШга фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, 2024 йилда назорат органлари томонидан текшириш эълон қилинганда, унга олдиндан хабар бериш эвазига 100 000 АҚШ доллари пора талаб қилиб, Бухоро шаҳар туғруқ комплекси ёнида кимёвий ишлов берилган 50 000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибида ушланган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Бухоро вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли тадбиркорлар !
Агарда фаолиятингиз давомида назорат қилувчи органлар томонидан пора талаб қилиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингиз сўралади.
Шунингдек, пора бериш, яъни давлат органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш ҳам жиноят ҳисобланади.