Жиноятларнинг навбатдаги соҳабай муҳокамаси вилоят Соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари иштирокида ўтказилди
Далатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, "Тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор кўрсатилаётганининг бош мақсади — халқ саломатлигини сақлаш, соғлиғини янада мустаҳкамлашдан иборат. Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлат ҳам шунчалик ишонади, кўрсатилаётган тиббий хизматлардан фуқароларимиз рози бўлса, давлатдан, бугунги фаровон кунидан ҳам рози бўлади.
Шу ўринда, бугун 5 июнь куни вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев бошчилигида вилоят ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимова ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари ва Бухоро шаҳридаги барча тиббиёт бўлимлари мутасаддилари иштирокида соҳа ходимлари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга доир амалга оширилаётган профилактик тадбирлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Йиғилишда жорий йилнинг 5 ойи давомида вилоятда хотин-қизлар томонидан содир этилган 245 та жиноятларнинг 20 таси соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган 14 нафар хотин-қиз томонидан содир этилгани қаттиқ танқид остига олинди.
Шунингдек, соҳа ходимлари ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари хусусида маъруза қилиниб, йиғилганларга фирибгарлик, ўғирлик, кибер жиноятчилик қурбонига айланиб қолмаслик ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доир тушунтиришлар берилди.
Учрашув давомида коррупция тиббиёт тизими учун энг катта хавф ва биринчи рақамли душман эканлиги алоҳида таъкидланиб, таъмагирлик, порахўрлик, товламачилик ва фирибгарлик ҳамда бошқа шу турдаги коррупцион жиноятлар, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари, жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилган жазо чоралари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Тизимда коррупцион ҳолатларни олдини олиш борасида ҳамжиҳатликда курашиш ва бу каби ҳолатларга дуч келинганда тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишнинг соддалаштирилган тизими яратиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Жиноятларнинг бу каби муҳокамалари вилоятнинг бошқа соҳаларида Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари иштирокида давом эттирилади.