16 Октябр 2022 йил 837

Бухоро: Ходимлар муносиб рағбатлантирилди

Аввал хабар берганимиздек Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Хусусан, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш, инсон ўлими билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят ЙҲХБ эксплуатация-монтаж бўлинмаси фаолияти билан танишиш жараёнида ушбу бўлинмада узоқ йиллар давомида самарали хизмат қилиб келаётган ходимларни тақдирлаш бўйича Ички ишлар вазири масъулларга топшириқ берган эди.

Топшириққа асосан вилоят ЙҲХБ бошлиғи полковник Анвар Аҳмедов бўлинманинг барча ходимлари учун миннатдорчилик дастурхони ёзиб, ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини тақдим этди.

Шу жумладан, Олим Шомуродов, Фаттоҳ Атоев, Тоир Бегунчев, Курбонтурди Қораев, Иброҳим Раҳматов, Азамат Жалиловлар замонавий телевизорлар билан тақдирландилар.

Бугунги кунда йўл инфратузилмасига замонавий техникалар ва рақамли технологияларни тадбиқ этишда ушбу бўлинма ходимларининг саъй-ҳаракатлари беқиёс эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда соҳа вакилларининг беминнат ва машаққатли хизмати қадрланиб, вазирлик раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдирилди.

Text to speech